Нима учун Ўзбекистон банк амалиётида халқаро факторинг ва форфейтинг операциялари ривожланмаган?

zafar_blogХалқаро савдо амалиётида “экспортни молиялаштириш” ёки “савдони молиялаштириш” тушунчалари мавжуд бўлиб, улар ўз мазмун-моҳиятига кўра халқаро савдо алоқаларида рискларни камайтириш ва самарали ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг муқобил воситалари ҳисобланади.

Ушбу воситалар ўз таркибига халқаро факторинг, форфейтинг, аккредитив, вексель, рамбурсли мажбуриятлар каби бир қатор молиявий инструментларни қамраб олган. Ушбу инструментлар орқали халқаро алоқалар бўйича ҳисоб-китоблар механизмини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш мумкин.

Халқаро факторинг – бу турли давлатлар резидентлари ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ўзаро товар (иш, хизмат) айирбошлашда олиниши лозим бўлган суммадан муайян чегирма бериш ҳисобига тўловни олдиндан олиш имконини берувчи молиявий операциядир.

Халқаро форфейтинг – бу турли давлатлар резидентлари ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ўзаро товар (иш, хизмат) айирбошлашда юзага келган муайян кредиторлик қарзини молиялаштириш юзасидан муайян чегирма бериш ҳисобига тўловни олиш имконини берувчи молиявий операциядир.

Ушбу инструментларнинг бир қатор элементлари ва шакллари мавжуд бўлиб, улардан халқаро савдо алоқаларида юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарлардан ҳимояланишда фойдаланилади.

Савол туғилади, нима учун ушбу инструментлардан Ўзбекистон банк амалиётида фойдаланилмайди? Улардан фойдаланишга зарурият йўқми ёки шарт-шароитми? Мазкур инструментлардан фойдаланиш амалиётини юзага чиқаришга ким масъул?

Назаримизда энг муҳим омил бу шарт-шароитлар билан боғлиқ омиллар бўлса керак. Шарт-шароит деганда, кенг маънодаги иқтисодий-ҳуқуқий ва малакавий (мутахассис кадрлар) асосларга таяниладиган шарт-шароитларни назарда тутяпмиз.

Агар фикримизни шарт-шароитлар нуқтаи-назаридан давом эттирадиган бўлсак, у ҳолда халқаро факторинг ва форфейтинг операцияларининг ривожланмаганлигига тўсиқ бўлиб турган қуйидаги омилларни алоҳида келтириб ўтиш мумкин:

биринчидан, мазкур йўналишни тартибга солувчи ва мувофиқлаштирувчи ҳуқуқий-меъёрий метадологик асосларнинг мавжуд эмаслиги (шу жумладан, халқаро ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларни ратификация қилиш масалалари);

иккинчидан, ушбу халқаро молиявий инструментларнинг ишлашини таъминловчи молиявий инфраструктуранинг такомиллаштирилмаганлиги (қимматли қоғозлар ва валюта бозори инструментлари);

учинчидан, ушбу инструментлар ҳосилавий воситаларининг ички ва ташқи бозорда ишлаш механизмларини ёритиб берувчи ҳамда SWOT таҳлил натижаларига асосланувчи амалий тарғибот воситаларининг ишламаётганлиги (банклар ташаббусининг сустлиги);

тўртинчидан, ташқи савдо алоқалари субъектлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштиришга кўмак берувчи, реал вақт режимида тезкор ишловчи ва сарф-харажатлар миқдорини камайтирувчи юқори технологик дастурий таъминотларнинг етарли эмаслиги (ахборот коммуникацион технологиялар кооперацияси масалалари);

бешинчидан, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари фаолиятида ушбу соҳа йўналишларида малакали кадрлар тайёрлаш учун зарур бўладиган “tamplate” – андазали молиявий лаборатория машғулотларини амалга оширишга кўмак берувчи дастурий таъминотларнинг мавжуд эмаслиги (ҳеч бўлмаганда етакчи иқтисодий-молиявий институтлар ўз фаолиятларида мана шундай дастурий таъминотларга эга бўлишлари шарт).


Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Введите ответ: *
Лимит времени истёк. Пожалуйста, перезагрузите CAPTCHA.