Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш чора-тадбирларининг мақсадли кўрсаткичлари хусусида

Маълумки, жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2015—2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш чора-тадбирларини таъминлаш тўғрисида”ги ПФ-4707 — сонли Фармойиши қабул қилинган эди.

Ундан кўзланган асосий мақсад иқтисодиётда босқичма-босқич равишда ишлаб чиқариш жараёнларини таркибий жиҳатдан янада ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, юқори технологияли саноат соҳаларини жадал ривожлантириш, уларда юқори сифат талабларига жавоб берадиган рақобатбардош тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар турини (ҳажмини) янада кенгайтириш, мавжуд бор салоҳият ва имкониятдан самарали ва рационал фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш сарф-харажатларини қисқартириш, валюта маблағларини иқтисод қилиш ва тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳажмини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга эришишдир.

Ушбу мақсадга эришиш учун қуйидагилар белгилаб олинган.

Биринчидан, 2015—2019 йилларда республика саноатини таркибий жиҳатдан янада ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, юқори сифатли рақобатбардош ва экспортбоп тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар тури ҳамда ҳажмини кенгайтиришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган (1-расм).

1-расм. 2015—2019 йилларда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг мақсадли кўрсаткичлари

1

Мазкур мақсадли параметрлардан кўриниб турибдики, 2015—2019 йилларда саноатнинг ЯИМ ҳажмидаги улушини 3%га (жорий йил прогнозидаги 24%дан 27%га), ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга, янги гуруҳ маҳсулотлари сонини (турини) эса 3 баробарга ошириш кўзда тутилган. Демак, ушбу жараён бошқа шароитлар тенг бўлган тақдирда қарийиб мана шундай улушда экспортни рағбатлантиришга ва чет эл валюта тушумларининг барқарорлашишига ўз ҳиссасини қўшишини ифодалайди.

Иккинчидан, 2015—2019 йилларда базавий тармоқлар кесимида янги, модернизация ва реконструкция қилинадиган саноат ишлаб чиқариш қувватларининг инвестицион лойиҳалари рўйхати шакллантирилган (2-3 расмлар). Унга кўра, 2015—2019 йилларда жами 317 та (19.6 млрд. АҚШ долл.экв.) янги, модернизация ва реконструкция қилинадиган саноат ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва ишга тушириш режалаштирилган. Шундан, 147 таси (46.4% ёки 13.7 млрд.долл.экв.) янги саноат ишлаб чиқариш қувватлари бўлса, 170 таси (53.6% ёки 5.96 млрд.долл.экв.) модернизация ва реконструкция  қилинадиган саноат ишлаб чиқариш қувватларидир.

Мазкур саноат ишлаб чиқариш қувватларининг белгиланган мақсадли параметрлар доирасида ишга туширилиши ва кенгайтирилиши 600 дан ортиқ янги турдаги саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқарилишини, 150 дан ортиқ янги маҳсулотлар турини қўшимча равишда экспорт қилишни ҳамда 200 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

2-расм. 2015—2019 йилларда янги саноат ишлаб чиқариш қувватларининг базавий тармоқлар кесими

 2

3-расм. 2015—2019 йилларда модернизация ва реконструкциялаш қилинадиган саноат ишлаб чиқариш қувватларининг кесими

3

Учинчидан, 2015—2019 йилларда чет эл инвестиция ва кредитларини жалб қилган ҳолда янги, модернизация ва реконструкция қилинадиган саноат ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишнинг истиқболли инвестиция лойиҳалари тасдиқланган (4-5-расмлар). Унга кўра, 2015—2019 йилларда жами 121 та (14. млрд.АҚШ долл.экв.) янги, модернизация ва реконструкция қилинадиган саноат ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, шундан, 74 таси (61.1% ёки 12.8 млрд.долл.экв.) янги саноат ишлаб чиқариш қувватлари, 47 таси (38.4% ёки 1.2 млрд.долл.экв.) модернизация ва реконструкция  қилинадиган саноат ишлаб чиқариш объектларидир.

Мазкур саноат ишлаб чиқариш қувватларининг белгиланган мақсадли параметрлар доирасида ишга туширилиши ва кенгайтирилиши 300 дан ортиқ янги турдаги саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқарилишини, 100 дан ортиқ янги маҳсулотлар турини қўшимча равишда экспорт қилишни ҳамда 100 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

4-расм. 2015—2019 йилларда чет эл инвестиция ва кредитларини жалб қилган ҳолда реализация қилинадиган янги саноат ишлаб чиқариш қувватларининг корхоналар бўйича кесими

4

5-расм. 2015—2019 йилларда чет эл инвестиция ва кредитларини жалб қилган ҳолда модернизация ва реконструкция қилинадиган саноат ишлаб чиқариш объектларининг корхоналар бўйича кесими 

5

Хулоса қилиб айтганда, республика саноатини замон талаблари даражасида юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватлари билан янгилаш, модернизация ва реконструкция қилиш чора-тадбирларининг ўз вақтида ҳамда изчиллик билан амалга оширилиши, унинг бошқа мақсадли давлат дастурлари билан узвийлигини таъминлаш кейинги беш йилликда иқтисодий ўсиш омилларининг барқарорлигини нафақат сақлашга, шу билан бирга 1-2% ошириш имконини беришга, тармоқлар ва ҳудудлараро саноат кооперациясини янада такомиллаштиришга, маҳаллий хом-ашё ресурслари негизида юқори технологияли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, валюта курси сиёсатини такомиллаштиришга, янги иш ўринларининг яратишга ва аҳоли реал даромадларининг янада оширишга асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 


Комментарии

Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш чора-тадбирларининг мақсадли кўрсаткичлари хусусида — 2 комментария

  1. Нима учун саноатимизда давлат корхоналари улуши катта? Бозор иқтисодиётида хусусий инвестициялар улуши катта булиш керак эмасми?

  2. Рахмат Акмал ака мулоҳазангиз учун. Саволизга бироз аниқлик киритиб олмоқчи эдим. Сиз давлат ва хусусий корхоналарнинг ялпи саноат ишлаб чиқаришидаги улушини таққослаяпсизми? ёки уларнинг саноатга инвестицилар киритиш улуши бўйича қиёслаяпсизми? Агар ҳар иккала ҳолат ҳам қизиқ туйилса, ушбу саволларга ўз мулоҳазамни билдиришга ҳаракат қиламан. Тўғри, соф бозор муносабатлари қарор топган шароитда хусусий тармоқнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамияти тоборо ортиб боради. Буни иқтисодиётнинг ҳар қайси соҳасида кўриш мумкин, шу жумладан саноатда ҳам. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирги бозор муносабатларига ўтиш шароитида йирик корхоналар (давлат улуши нисбатан юқори бўлган корхоналар), айниқса базавий тармоқ корхоналарига кўпроқ устуворлик бериладики, улар ўз навбатида, босқичма-босқич мустақил хусусий тармоқ кластерларининг шаклланишига ва ажралиб чиқишига замин ҳозирлайди. Йирик инновацион лойиҳаларни амалга ошириш катта капитал маблағларни (инвестицияларни) талаб этади, бундай катта миқдордаги капитал маблағлар ўтиш шароитида бўлган кичик ёки йирик хусусий корхоналарда мавжуд бўлмайди, шунинг учун уларга кўмак бериш учун давлат улуши нисбатан юқори бўлган йирик корхоналар жалб этилади, буни венчурли муносабатлар тизими деб аташади. Гап давлат улушининг қанча бўлишида эмас, балки унинг бозор муносабатларини ёқлаб унда иштирок этиш механизмида. Бозор механизми деганда, унинг «кўзга кўринмас қўл» воситаларинигина тушунмаслик керак, балки уни тартиблаб турувчи усул ва услубиётларини ҳам инобатга олиш зарурки, уни давлат аралашувининг таъсири билан мақбуллаштириш мумкин. Мана шу мақбуллаштириш бозор механизмларининг кам-кўстини тўлдиришга ва бойитишга қаратилгандагина ўз мазмунига эга бўлади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Введите ответ: *
Лимит времени истёк. Пожалуйста, перезагрузите CAPTCHA.