Хитой бизнес фаоллик индексининг пасайиши – молиявий инқироз белгисими?

Хитой саноати ўсиш суръатлари август ойида сўнгги олти йил ичида энг кучли пасайишни кўрсатди. Ушбу пасайиш мамлакат миллий валютаси юаннинг девальвация қилиниши ва мамлакат фонд бозоридаги пасайишлар замирида рўй бермоқда. Саноат тармоғидаги бизнес фаоллик индекси (PMI) бўлмиш Caixin China августнинг дастлабки уч хафтасида 47,8дан 47,1гача тушди, бу эса жадал пасайишни англатади. Таъкидлаш жоизки, бизнес фаоллик индексининг 50 дан зиёдлиги ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишидан, пастлиги эса ишлаб чиқаришнинг қисқарганлигидан далолат беради. Ушбу кўрсаткичнинг бу каби паст даражаси сўнгги бор 2009 йилнинг бошида, яъни жахон молиявий инқирози даврида қайд этилган эди.

Хитой фонд бозорлари, жума куни пасайишда давом этди ва Шанхай биржа индекси 4,3%га, Shenzhen B индекси эса 3,8%га пасайди. Истеъмол ҳажмлари ҳам пасайишни қайд этмоқда, хусусан IDC ва Gartner тадқиқот гуруҳининг маълумотларига кўра, Хитой бозоридаги смартфонлар сотиш ҳажмлари пасайиб, бу ушбу соҳа кузатуви ташкил этилгандан бери илк марта рўй бераётган пасайиш эканлиги эътироф этилмоқда. Шунингдек, улгуржи сотиш ва чакана сотиш ҳажмларининг ҳам ўсиши секинлашган. Июль ойида чакана савдо ҳажмлари йиллик ҳисобда 10,5%га ўсиб, бу сўнгги 10 йилликда қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Хитой ҳукумати иқтисодиёт ўсиши секинлашаётган шароитда, асосий эътиборни аввалгидек ишлаб чиқариш ва инфратузилмага инвестициялар киритишга эмас, балки истеъмолни рағбатлантириш ва хизматлар соҳасига қаратишини билдирди.

Шу ўринда, эслаб ўтиш лозим бўлган бир ҳолат, яъни 1998 йилдаги дефолт айнан Осиё молиявий инқирозидан сўнг юзага келган. Осиё минтақаси ва хусусан Хитой – дунёнинг йирик хом-ашё истеъмолчиси ҳисобланади. Ўша пайтларда хом-ашёларнинг жахон бозоридаги нархлари кескин тушиб кетган. Мисол учун 1998 йилнинг кузида нефть нархи 8 долларгача тушган. Ҳозир ҳам шундай ҳолатлар кузатилмоқда нефтьнинг август ойидаги ўртача нархи 1 баррель учун 46-48долларни ташкил этмоқда. Бошқа маҳсулотлар алюмин, мис, никель, озиқ-овқат товарлари барчаси бўйича нархнинг кескин пасайиши кузатилмоқда. Аналитиклар ҳисоб-китобларига кўра биргина Хитой фонд бозорлари савдоларида иштирок этувчи компаниялар капиталлашувининг пасайиши жорий йил июнь ойидан ҳозиргача 3 трлн.доллардан зиёдни ташкил этиб, бу бугун бутун дунё эътиборида турган Греция қарзларидан 10 баробар кўпдир. Фонд бозорларининг бу каби қулаши охир-оқибат молиявий инқирозни юзага келтириши мумкин. Бугун дунё иқтисодчилари ва сиёсатчилари томонидан қабул қилинаётган тадбирлар эртага молиявий инқирозни олдини ола оладими? Бу саволга ҳеч бир мутахассис ишончли жавоб бера олмайди. Демак, бугун ва истиқболда ривожланган, ривожланаётган ва учинчи дунё мамлакатлари ҳам навбатдаги жахон молиявий инқирозига шай турмоғи, узларининг инқирозга қарши чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқлари лозим.


Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Введите ответ: *
Лимит времени истёк. Пожалуйста, перезагрузите CAPTCHA.