Айрим тармоқ (сеть) хусусиятидаги йирик савдо шохобчаларининг нарх белгилаш амалиёти ва унинг оқибатлари хусусида

Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида турли номда ва замонавий тавсифда тармоқ (сеть) хусусиятига эга бўлган йирик савдо шохобчаларининг кенгайиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Бу албатта қувонарли ҳол. Бундай савдо шохобчаларига мисол тариқасида “Корзинка”, “Самарқанд дарвоза”, “Макро” каби турли номдаги савдо шохобчаларини келтириб ўтишимиз мумкин.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз бундай тармоқ хусусиятига эга бўлган савдо шахобчаларида сотилаётган товарларга нархлар қай тарзда белгиланиши ва уларнинг сабаб-оқибатлари ҳақида?  

Республикамиз ҳудудларида фаолият кўрсатаётган бундай савдо шахобчалари ўз амалиётларида товарларга (маҳсулотларга) нарх белгилашда чет элларда қўлланиладиган ёндошувдан фойдаланишмоқда. Назаримизда бундай ёндошув харидорларга (истеъмолчиларга) нисбатан бироз “ғирром муносабат”ни келтириб чиқармоқда. Хўш бу қандай ёндошув экан?

Агар ушбу савдо шохобчаларида сотилаётган муайян бирор товарнинг (маҳсулотнинг) нархига эътибор берсангиз у яхлит суммада эмас (мисол учун “1400” сўм), балки ўзига хос суммада яъни “1490” сўм кўринишида акс этган (буни замонавий тилда «маркетинг” стратегияси ва тактикаси дея эътироф этиш мумкин). Агар харидор маҳсулот нархини нақдсиз шаклда, яъни пластик карточка орқали тўласа, у ҳолда сотувчи ва харидор ўртасида ҳеч қандай муаммо юзага келмайди, яъни сотувчи айнан харид қилинган суммага (тийинигача) ҳисобингиздаги маблағни чегиради.

Агар борди-ю маҳсулот ҳақини нақд пул кўринишида тўламоқчи бўлсангиз, у ҳолда муаммога дуч келасиз. Яъни  агар сиз сотувчига 1490 сўмлик турадиган маҳсулот учун 1500 сўм нақд пул берсангиз, у сизга 10 сўм миқдоридаги нақд пул қайтимини қайтариши лозим бўлади, аммо бугунги амалиётимизда бундай ҳолни кузатиш жуда қийин (деярли учратмайсиз).

Аксинча, сотувчи сизга қайтим тариқасида у ёки бу товарни (гугурт, сақич, қурт ва ҳоказо) истасангиз-истамасангиз узатади ва сиз кўз юмган ҳолда (автоматик тарзда) ёки “иложсизлик” илинжида шунга рози бўлиб қўя қоласиз ёҳуд умуман қайтимдан воз кечасиз.

Бунга сабаб нима? Нега бундай жараёнга ҳеч ким эътироз билдирмайди ёки бунга кўникиб қолдикми? Балки бунинг сабаби сифатида пул муомаласидаги кичик қийматли банкноталар ва тангалар билан боғлиқ муомала масалаларини кўриб чиқиш керакдир?

Шу нарса маълумки, бугунги кунда пул муомаласи амалиётида бирор бир қийматдаги банкноталар ёки тангалар расман муомаладан олиб ташлангани ёки чеклаб қўйилгани ёҳуд муомаласи умуман тўхтатиб қўйилганича йўқ? Демак, барча қийматдаги пул белгиларимиз расман муомалада экан, у ҳолда нима учун кичик қийматдаги пул белгилари (1, 3, 5, 10, 20, 50 тийин; 1, 5, 10, 25, 50, 100 сўм) муомалада кўринмай қолди?

Савдо шохобчалари ўз фаолиятларида нима учун етарлича миқдордаги кичик қийматдаги пул белгилари билан таъминланмаяпти, бунга нима тўсқинлик қиляпти? Ушбу масаланинг ечими борми ва унга ким масъул?

Ахир пул белгиларининг сунъий равишда муомаладан чиқиб кетиши ёки чекланиши автоматик тарзда товарлар нарх-навосига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Назаримизда, банк ва савдо шохобчалари ўртасидаги пул айланиш механизмида кемтиклик ҳамон сақланиб қолаётганлиги нарх-наво сиёсатининг барқарорлигига хавф солувчи энг муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Агар эътибор берадиган бўлсак, харидор томонидан савдо шохобчаларида қолдирилаётган маблағлар бир кўринишда арзимас қийматни ифодаласада (пул қайтими), аммо уларни бир кунда сотилаётган маҳсулотлар бирлигига кўпайтирсангиз миллионлаб маблағларнинг “ҳаводан” даромад сифатида тушаётганлигига (келаётганлигига) гувоҳ бўлиш мумкин.

Чет эл давлатлари савдо шохобчалари амалиётида қўлланилаётган бундай нарх белгилаш ёндошувини бизнинг амалиётимизга кўр-кўрона тадбиқ этиб бўлмайди, уларнинг касса хизматлари амалиётида барча қийматдаги банкнота ва тангалар муомалада бўлиб, харидорларга “тийин”гача тегишли қайтимлар қайтариб берилади (бунга чет элга чиққан ҳар биримиз яққол гувоҳи бўлишимиз мумкин). Зеро, қайтимни қайтармаслик “ўғирлик”ни, ўғирлик эса ноқонуний яширин даромадни, ноқонуний яширин даромад эса жиноий вазиятни юзага келтиришга сабаб бўлувчи унсурдир.

Фикримизча, савдо шохобчалари амалиётида юз бераётган бундай ҳолатларга албатта алоҳида эътибор қаратиш ва улар фаолиятини назоратга (тартибга) олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

 


Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Введите ответ: *
Лимит времени истёк. Пожалуйста, перезагрузите CAPTCHA.